Устоз ўгитлари
Тажрибали устоз ва мураббийларнинг ўгит ва маслаҳатлари ёш авлод учун доимий равишда муваффақиятлар гарови бўлган. Янги ўқув йили олдидан фан ва таълим соҳасида улуғ мартабаларга эришган устозлар билан учрашувларнинг ташкил этилиши кекса авлоднинг келажак авлод билан боғлиқлигининг ёрқин ифодаси бўлади.
ТИҚХММИ “Назарий механика” кафедраси мудири академик Мирзиёд Мирсаидов 2018 йилнинг 12 сентябрь куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчиларини давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклаш йўсинида маърифий мулоқот ўтказди.
2018-2019 ўқув йилида лицейнинг 1 - курсига барча синовлардан яхши муваффақиятли ўтган 133 та ўқувчи ва Республика олимпиадасида ғолиб бўлган 3 нафар(синовларсиз) ёш қабул қилинган. Мулоқотда асосан лицейнинг 1-курсига қабул қилинган ўқувчилар, олимпиада совриндорлари ва лицейнинг фаол ўқитувчилари қатнашдилар. М. Мирсаидов ушбу лицей ўқувчиларининг Жаҳон олимпиадасида (Словакия ва Чехияда) 2 та бронза ва 52-Халқаро Менделеев олимпиадасида (Минск ш.) 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини олганликлари билан табриклади. Ўқувчиларга катта ютуқлар, омад, бахт-саодат тилаб, уларга ҳам келажакда давлатимиз байроғини юқори ареналарда янада баланд кўтаришларида муваффақиятлар тилади.
М.Мирсаидов ўз сўзида бу лицейга нисбатан ҳурмати жуда юқори эканлигини айтиб, кейинги 10 йилда бу лицей ўқувчилари химия фани бўйича Жаҳон олимпиадаларида 12 та медални (Республикамизнинг қолган барча мактабларининг шу даврда тўплаган медаллари 5 та), Халқаро Менделеев олимпиадаларида эса 31 та медални ((Республикамизнинг қолган барча мактабларининг шу даврда тўплаган медаллари 32 та) қўлга киритганликларини эътироф этдилар.
Лицей ўқувчиларининг 10 йил ичида Халқаро олимпиадаларда 5 та олтин, 11 та кумуш, 27 та бронза медалларини олиб, Давлатимиз байроғини юқорига кўтаришга эришганлар. Шу билан бирга Халқаро олимпиадаларда қатнашиб 67 та диплом ва сертификатларни қўлга киритган. Бу халқаро олимпиадалар АҚШ, Туркия, Корея, Сингапур, Эрон, Дания Швеция, Индонезия, Вьетнам, Таиланд, Словакия, Чехия, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатларда бўлиб ўтган.
М.Мирсаидов ўз сўзларида Президентимизнинг ёшларга яратаётган шароитлари ва бу ёшлардан келажакда Мирзо Улуғбеклар, Ал-Хоразмийлар, Беруний ва Абу Али Ибн Синога ўхшаган етук олимлар чиқишига ишониб, келажакда бу ёшларимиз давлатимиз устуни бўлажагини қайд этди. Келажакда ёшлардан Нобель мукофоти совриндорлари чиқишига ҳам умид боғламокда, шунинг учун ёшларимиз Президентимизнинг ишончини оқлашлари керак деб таъкидлади. Буни амалга ошириш учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари ва ҳар томонлама етук бўлиш учун эса чет тилларини билиши ва кўп китобларни ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади. Ёшларга яратилаётган шароитнинг биринчи исботи сифатида бу ўқув йилида институтларга қабулнинг шаффоф ва объектив ўтганлигини, яъни таланти бор, меҳнаткаш ёшларимизнинг Олий таълим даргоҳларида билим олиш шароити муҳтарам Президентимиз томонидан тўлиқ яратилаётганлигини келтириш мумкин.
Ўқувчилар томонидан М.Мирсаидовга бир қанча саволлар берилди. Келажакда йирик олим бўлиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида, устоз бу ютуқларга қандай эришганликлари борасида тушунча бериб ўтдилар. Учрашув қизиқарли тарзда, юқори савияда ўтди, ўқувчилар кўтаринки руҳ ва катта ишонч билан қабул қилишди. Учрашув қатнашчилари Президентимизга ёшларга яратаётган имкониятлари учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов